Mundarija
Евро-2024 чорак финалида Роналду Мбаппега қарши | Setanta Sports
2024 Iyul 05, 14:00 PM
3 mins read

Европа чемпионатининг энг қизғин тўқнашувлари бошланмоқда. Чорак финалда Испания Германия билан, Франция эса Португалия билан баҳслашади.

Икки энг яхши жамоа ўйини: Испания – Германия

Ҳозирча мазкур чемпионатда энг кучли ўйин кўрсатаётган жамоалар чорак финални бошлаб беришади. Улар умумий ҳисобда энг кўп чемпионликка сазовор бўлган жамоалар ҳам ҳисобланади. Германия мусобақада 10та, Испания эса 9та тўп киритди. Учрашув қайсидир фаворитнинг орзулари чиппакка чиқишини аниқлаб беради. Тони Кроос учун бугун фаолиятидаги сўнгги баҳсга бўладими ёки йўқми, буни Штутгартдаги ўйин кўрсатади.

Тахминий таркиблар

Испания: Симон, Карвахаль, Ле Норманд, Лапорт, Кукурелья, Педри, Родри, Руиз, Ямал, Мората, Уильямс.

Дисквалификация хавфида: Карвахаль, Ле Норманд, Мората, Вивиан.

Германия: Нойер, Киммих, Рюдигер, Та, Раум, Андрих, Кроос, Мусиала, Гюндоган, Виртц, Хавертц.

Дисквалификация хавфида: Андрих, Миттелштадт, Рюдигер.

Луис де ла Фуэнтенинг ўйиндан олдинги фикрлари

– Тенг ўйин бўлишини кутяпман. Бу мусобақанинг финалида ҳам бўлиши мумкин эди ва футбол савияси тарафдан тенг беллашув бўларди. Германия ҳамиша ўйинларни кучли бошлайди. Буни ҳисобга олган ҳолда ҳаракат қилишимиз керак. Биринчи дақиқалардан ташаббус билан ўйнашга интиламиз.

Юлиан Нагельсманнинг ўйиндан олдинги фикрлари

– Бу финал эмас, чорак финал. Ярим финалга йўлланма олишни хоҳлаймиз. Испания ҳам чемпион бўлишни истайди, шу сабабли кескин ўйин бўлади. Ҳар икки жамоа тўпни яхши назорат қилади, рақибга босим уюштириб, мушкул аҳволга солиб қўя олади.

Роналду ва Мбаппе баҳсида ким ютади?

Еврода жуда ёрқин ўйнамаётган, лекин ғолибликка асосий даъвогарлардан саналган Португалия ва Франция баҳси ҳам ишқибозларга ҳаяжонли лаҳзаларни тақдим этиши аниқ. Французлар ҳимояда жуда ишончли ўйнамоқда. Португаллар дарвозабони Кошта эса нимчорак финалда қаҳрамонлик кўрсатиб бўлди. Роналду ҳамда Мбаппе ўртасидаги қарама-қаршилик мазкур беллашувни чорак финал безагига айлантириб беради. “Реал”нинг аввалги ва бўлажак юлдузи ўртасидаги беллашувда ким кучлироқ чиқишини кузатамиз.

Тахминий таркиблар

Португалия: Кошта, Канселу, Диаш, Пепе, Мендеш, Палинья, Витинья, Фернандеш, Леао, Роналду, Сильва.

Дисквалификация хавфида: Канселу, Роналду, Консейсау, Палинья, Нету, Невеш.

Франция: Меньян, Кунде, Салиба, Упамекано, Эрнандез, Канте, Тчуамени, Гризманн, Дембеле, Тюрам, Мбаппе.

Ўйнамайди: Рабьо.

Дисквалификация хавфида: Дембеле, Гризманн, Мбаппе, Тчуамени.

Роберто Мартинезнинг ўйиндан олдинги фикрлари

– Франция билан ўйинга эътиборимизни қаратганмиз ва унга тайёрмиз. Рақиб жуда кучли, аммо ортда ҳудудлар қолдириши мумкин. Кўпроқ вазият яратишимизга умид қиламан. Мусобақада энди кичик жиҳатлар ҳал қилувчи бўлиши мумкин. Индивидуал маҳорат ёки пенальтилар серияси орқали ютиб кетиш мумкин.

Дидье Дешамнинг ўйиндан олдинги фикрлари

– Бизда сифат ва савия бор, аммо бу бошқа кўплаб жамоаларда ҳам мавжуд. Юқори даражада ақлли бўлиб, биргаликда меҳнат қилиш зарур. Барча ўсмоқда: ўйинларда жуда юқори суръатда футбол намойиш қилинганини кўрдик.

Ўйинларни қандай томоша қилиш мумкин?

setantasports.com обуначилари Ўзбекистонда 51 беллашувнинг барчасини жонли эфирда бепул томоша қилиш имкониятига эга бўлишади. Ўйинларни фақат Setanta Sports ОТТ платформаси ва иловасида томоша қилиш мумкин.

Бугунги учрашувлар

Испания – Германия, 21:00

Португалия – Франция, 00:00