Европа чемпионатининг 7-куни бизга икки ажойиб ўйинни тақдим этади. Уларда Дания Англия билан, Испания эса Италия билан баҳс олиб боради. Бу жуфтликлар аввалги чемпионат ярим финалида ўзаро куч синашганди.
Евро-2024: Словения ва Сербияда вазиятни ўнглашга яхши имконият
Ушбу жамоалар 8 бор ўзаро ўйнашган ва ўша беллашувларнинг 6тасида дуранг натижа қайд этилган. Бир мартадан жамоаларда ғалаба кузатилган. Биринчи турда Словения ҳам, Сербия ҳам анча ижобий таассурот қолдирди. Словения ғалабага эришган тақдирда плей-офф йўлланмаси учун катта қадам ташлаган бўлади. Болқон дербиси кескин футболни тақдим этиши табиий.
Тахминий таркиблар
Словения: Облак, Карничник, Дркушич, Бижол, Янза, Стоянович, Станкович, Гнезда Черин, Млакар, Спорар, Сеско.
Сербия: Райкович, Велжкович, Миленкович, Павлович, Живкович, Милинкович-Савич, Гуделж, Младенович, Тадич, Митрович, Влахович.
Матьяж Кекнинг ўйиндан олдинги фикрлари
– Кўп футболчиларимиз бундай катта мусобақада илгари ўйнашмаган. Нимадир мумкинлигини кўришган ҳолатда улар Данияга қарши ҳаракат қилишни бошлашди. Биз бундан хулоса чиқардик деб ўйлайман. Бу жамоа иккинчи ёки учинчи катта турнирда ўйнаганда улар ҳозиргидан анча кучлироқ бўлишади.
Драган Стойковичнинг ўйиндан олдинги фикрлари
– Словенияга қарши қилишимиз зарур бўлган нарса ғалаба қозониш. Англия билан баҳсдан кейин барча футболчиларни табрикладим, натижадан афсусланиш ҳисси йўқ. Ютқазишни ёқтирмайман, аммо бу ишнинг бир қисми. Келаётган учрашувда вазиятни ўзгартириб юборишга интиламиз.
Евро-2024: Дания Англиядан ярим финалдаги мағлубият учун қасос оладими?
Аввалги ЕВРОда ярим финалда Дания Англияга қарши ўйинда ҳисобни очган, бироқ қўшимча бўлимларда белгиланган пенальти туфайли мағлубиятга учраганди. Илк турдаги дурангдан кейин Дания инглизлар билан баҳсда ҳам камида очко олишга уриниб кўради. Кристиан Эриксен ва Расмус Хойлунд етакчилар ролида бўлишга уринади. Инглизлар эса биринчи ютуқдан кейин хотиржамроқ ҳаракат қилишлари мумкин. Гарет Саутгейт шогирдлари уч очко олган ҳолатда кейинги босқич масаласини ҳал қилади.
Тахминий таркиблар
Дания: Шмейхель, Андерсен, Кристенсен, Вестегаард, Кристиансен, Норгаард, Эриксен, Хёйберг, Мале, Хойлунд, Поулсен.
Англия: Пикфорд, Уокер, Стоунз, Гуи, Триппье, Александр-Арнольд, Райс, Сака, Беллингем, Фоден, Кейн.
Каспер Хюлманднинг ўйиндан олдинги фикрлари
– Англияга қарши фантастик ўйин кўрсатиш учун бор кучимизни ишга солишимиз шарт. Ҳеч ким биздан ғалаба кутмаяпти. Омад келса, нега юта олмас эканмиз? Буни уддалаш мумкинлигига ишонаман. Кейин бирдан бошқача вазият бўлади. Инглизлар таркибида жуда кучли ижрочилар бор. Уларга бутун жамоа сифатида муносиб қаршилик қилишга интиламиз.
Гарет Саутгейтнинг ўйиндан олдинги фикрлари
– Даниядан нима кутишимиз мумкин? Бошқачароқ ўйин услубида ҳаракат қилишади, бизга бир қанча қийинчиликлар туғдиришади. Сербия билан биринчи бўлимдагидек тўпни назорат қилиб, рақибнинг ўйинига қараб турли ўзгаришларни киритишимиз лозим бўлади.
Евро-2024: Европа классикаси – Испания ва Италия беллашуви
Ушбу асрда кўплаб мусобақалар финал босқичида тўқнаш келаётган Испания ва Италиянинг навбатдаги ўйини ҳам ишқибозларга ажойиб футболдан баҳра олишга имкон бериши кутилмоқда. Олдинги чемпионат ярим финалидаги баҳс пенальтилар сериясигача етиб бориб, унда Италия Доннаруммманинг маҳорати эвазига ютиб кетганди. Айни пайтда Лучано Спаллетти Италия терма жамоасида катта ўзгаришларни амалга оширди, таркиб бирдан ёшартирилди. Испанияда таркиб нисбатан барқарор кўринишда. Биринчи турдан келиб чиқилса, испанлар кўпроқ имкониятга эгадек. Лекин барчасини майдондаги тўқнашув ҳал этади.
Тахминий таркиблар
Испания: Симон, Карвахаль, Ле Норманд, Начо, Кукуреля, Фабиан Руиз, Родри, Педри, Ямал, Мората, Уильямс.
Италия: Доннарумма, Ди Лоренцо, Бастони, Калафиори, Димарко, Жоржиньо, Барелла, Фраттези, Пеллегрини, Кьеза, Скамакка.
Луис де ла Фуэнтенинг ўйиндан олдинги фикрлари
– Хорватияга қарши ёшлар ва жуда кўп совринлар ютиб улгурган катта футболчиларимиз ўртасидаги ажойиб уйғунликни кузатдим. Улар жуда яхши ўйин намойиш қилишди. Катталар ҳамон ғалабалар сари интилишда давом этишмоқда. Жамоанинг иштиёқ ва ҳаракатчанлигини алоҳида таъкидлашни истардим.
Лучано Спаллеттининг ўйнидан олдинги фикрлари
– Фақат ғалаба ҳақида гапирадиган одамларга қўшилмайман, ўйин ҳам чиройли бўлиши керак. Яхши даражада ўйнамасанг, кучлироқ жамоалар сени мағлуб қилишади. Испанияга қарши биринчи баҳсдагидан ўта фарқли бўлади. Рақибимиз жуда юқори савияли ижрочиларга эга.
Ўйинларни қандай томоша қилиш мумкин?
setantasports.com обуначилари Ўзбекистонда 51 беллашувнинг барчасини жонли эфирда бепул томоша қилиш имкониятига эга бўлишади. Ўйинларни фақат Setanta Sports ОТТ платформаси ва иловасида томоша қилиш мумкин.
Бугунги учрашувлар
Словения – Сербия, 18:00
Дания – Англия, 21:00
Испания – Италия, 00:00