Шанба куни Европа чемпионатида учта ўйин ўтказилади – амалдаги чемпион Италия ва ўтган сафарги ярим финалчи Испания терма жамоалари ўз юришларини бошлайди.
Венгрия Швейцария тўсиғини енга оладими?
Куннинг биринчи ўйинида Венгрия ва Швейцария терма жамоалари йирик турнирлар финал босқичида 83 йиллик танаффусдан кейин тўқнаш келади. Ўшанда 1938 йилги жаҳон чемпионатида Венгрия 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Лекин энди вазият ўзгарган – айни пайтда Швейцария натижалар борасида ўзиб кетишга эришган. Охирги 9 баҳснинг 6тасида айнан Швейцария ғолиб бўлган. Марко Росси бошчилигидаги Венгриянинг асосий юлдузи Доминик Собослаи саналади. Швейцарияда эса Гранит Жака ва Жердан Шакири етакчилар ҳисобланади. Марказда Собослаи ва Жака ўртасидаги тўқнашув ўйин тақдирини аниқлаб берувчи жиҳатга айланиши мумкин. Сўнгги пайтларда катта мусобақаларда иштирок этиш бўйича Швейцарияда тажриба каттароқ.
Тахминий таркиблар
Венгрия: Гулаши, Ланг, Орбан, Салаи, Болла, Наги, Шёфер, Керкез, Саллаи, Собослаи, Варга.
Швейцария: Зоммер, Элведи, Аканжи, Родригес, Видмер, Фрелер, Жака, Ндойе, Шакири, Амдуни, Варгас.
Марко Россининг ўйиндан олдинги фикрлари
«Швейцария Мурат Якин қўл остида эътирофга лойиқ натижаларга эришди. Жамоада топ лигалар ва клубларда ўйнайдиган юқори савияли футболчилар жамланган. Умумий даража борасида улар биздан яхшироқ, рақибнинг замонавий футбол ўйнашини кутяпмиз. Охирги жаҳон ва Европа чемпионатларида мунтазам иштирок этишмоқда. Улар ҳушёрликка чорлайдиган жамоа. Лекин биз синовлардан қўрқмаймиз, ўзимизга ишонамиз ва исталган рақибни мағлуб этишга имконимиз борлигини биламиз”, – деб таъкидлади Венгриянинг итальян устози Марко Росси.
Мурат Якиннинг ўйиндан олдинги фикрлари
“Венгрия жуда кучли жамоа. Бизни оғир ўйин кутмоқда. Биз учун муҳими ўзимизнинг кучли тарафларимиздан фойдалана олиш ва сюрприз тақдим этадиган футбол кўрсатишга умид қиламиз. Уларга чақириқ ташлаш ва ғолиб бўлишга интиламиз. Бу биздан омадли бўлиш ва яхши ўйнашни талаб қилади. Ўзимиз меҳнат қилган ўйинни намойиш этишимиз даркор. Беллашувга синовни қабул қиламиз”, – дея таъкидлаган Мурат Якин.
Испания ва Хорватиянинг навбатдаги тўқнашуви
Аввалги ЕВРОда мухлисларга ажойиб футбол тақдим этган икки жамоа бу сафар гуруҳ босқичида ўзаро майдонга тушади. Олдинги гал қўшимча бўлимлардан сўнг испанлар 5:3 ҳисобида ғалаба қозонишган ва ўша баҳс чемпионатнинг энг ёрқин беллашувларидан бирига айланганди. Миллатлар Лигасидаги учрашув пенальтилар сериясигача етиб борганди. Энди эса гуруҳдаёқ бу жамоалар баҳс олиб боради. Испанлар сафида тажрибали ва ёшлардан иборат жамоа мавжуд. Хорватияда ҳам аста-секин авлодлар алмашмоқда, бироқ Лука Модрич ҳамон етакчиликни сақлаб турибди. Унинг Педрига қарши ҳаракатлари барчада қизиқиш уйғотиши аниқ. Гвардиол ва Ямал сингари иқтидорларнинг ўзаро тўқнашувлари ҳам учрашувни қиздириб беришига шубҳа йўқ. Испания ўн йиллар олдинги ҳолатига қайтишни истайди, хорватлар эса катта турнирларда совриндор бўлиш борасида етарлича тажриба тўплашди.
Тахминий таркиблар
Испания: Симон, Карвахаль, Ле Норманд, Начо, Грималдо, Мерино, Педри, Родри, Ямал, Мората, Уильямс.
Хорватия: Ливакович, Станишич, Сутало, Понграчич, Гвардиол, Модрич, Брозович, Ковачич, Майер, Будимир, Крамарич.
Луис де ла Фуэнтенинг ўйиндан олдинги фикрлари
– Хорватиялик футболчиларнинг руҳиятини олқишлайман, чунки улар миллий ғурур, бирдамликни ҳис қилиш, терма жамоадан фахрланиш каби жиҳатларда ўрнак бўлишади. Бу мени ҳам мамлакатимиз ҳақида айнан шундай нарсани ҳис қилишда ғурурлантиради. Биринчи мақсад рақобатбардош бўлиш ва ғолиб чиқишга мос туриш. Совринни қўлга киритиш учун кураша олишимизга ишонаман. Кубокни ютиш учун даъвогар кўплаб терма жамоалар бор ва фақат улардан бири якунда ютуққа эришади, – деди Луис Фуэнте.
Златко Даличнинг ўйиндан олдинги фикрлари
– Жуда қийин гуруҳдан ўрин олганмиз, буни барча билади. Яхши старт олиш жуда муҳим. Қатардаги жаҳон чемпионатида Марокаш билан биринчи ўйинимизни эслайсизми? Ўша очко кейинчалик бизга жуда асқотганди. Биз дуранг ўйнаш мақсадида майдонга тушмоқчи эмасмиз: энг яхши ўйинимизни кўрсатиб, ғалаба қозонишни истаймиз. Ҳеч кимдан қўрқмаймиз. Ғалаба учун ҳаракат қиламиз. Бу жуда қийин ўйин бўлади, аммо доимгидек жамоамизга ишонаман.
Амалдаги чемпион Италия Албанияга қарши
Ўтган сафар барчани чиройли ва ҳужумкор ўйини билан ҳайрон қолдириб, якунда ўз тарихида 2-бор Европа чемпионига айланган Италия терма жамоаси бу сафар мусобақани Албанияга қарши беллашув билан бошлайди. Аввалги 4 ўйиннинг барчасида Италия рақиби устидан ғалаба қозонган. Лекин Лучано Спаллетти бош мураббий этиб тайинлангач, таркибда кўплаб ўзгаришлар юзага келди. Терма жамоа асосини ёш авлод футболчилари ташкил этмоқда. Албанияда эса Силвиньо кўп нарсаларни ўзгартира олди. Ҳимояда анча тартибли ўйин намойиш қилаётган албанлар турнирда ҳақиқий сенсация кўрсатишлари мумкин – бу гуруҳдан чиқиш энг кутилмаган воқеага айланади. Албания учта ажойиб жамоа билан ўз имкониятларини синаб олади. Италия эса дастлабки турда зафар қуча олмаса, гуруҳдаги ҳолатини анча мураккаблаштириб олади.
Тахминий таркиблар
Италия: Доннарумма, Ди Лоренцо, Бастони, Калафиори, Димарко, Барелла, Жоржиньо, Кьеза, Фраттези, Пеллегрини, Скамакка.
Албания: Бериша, Хюсай, Жимсити, Айети, Митай, Асллани, Рамадани, Байрами, Сефери, Асани, Броха.
Лучано Спаллеттининг ўйиндан олдинги фикрлари
“Мусобақага амалдаги чемпионлар сифатида келиш устунлик беради. Ўзимизни амалдаги чемпионлардек тутишни дарҳол тушунишимиз лозим. Бунга нафақат мухлисларни, балки ўзимизни ҳам ишонтиришимиз керак. Биз ўзимиз билан тўқнаш келамиз, ташқи бошқа нарсалар билан эмас. Биз қандайлигимиз ва ичимиздагиларни кўрсата олишимиз шарт. Қийин ўйин кутяпман, чунки Силвиньо Албаниянинг ҳимоясини яхши ташкил этган. Улар кўплаб нарсаларга қодир. “А” серияда ўйнаётган бир неча футболчиларнинг имкониятларини биламиз. Очиқ ўйин бўлади. Италия эканимизни ўйлаб ўйнашимиз даркор. Ўйиннинг ҳар бир лаҳзасида бир жамоадек ўйнашимиз керак”, – деди Спаллетти.
Силвиньонинг ўйиндан олдинги фикрлари
– Бу ердалигимиздан хурсандмиз. Саралаш босқичида қийинчиликларга дуч келдик, бу осон бўлмади, аммо шу ерга етиб келдик. ЕВРОда қатнашаётганимиздан фахрланамиз. Қийин мусобақанинг қийин гуруҳидамиз. Жиддий қаршилик қилиш учун келдик. Ҳар бир очко учун курашамиз. Спаллетти ажойиб футболчиларга эга ажойиб мураббий. Италиянинг ўртоқлик ўйинларидаги ҳолати ҳақилда эшитишни истамайман. Бу Италия! Улар ҳамиша рақобатбардош бўлади, – дея таъкидлаган Силвиньо.
Ўйинларни қандай томоша қилиш мумкин?
Бугунги учрашувлар
Венгрия – Швейцария, 18:00
Испания – Хорватия, 21:00
Италия – Албания, 00:00