Mundarija
Еврода Голландия-Франция тўқнашуви | Setanta Sports

Тобора қизғин паллага кириб бораётган Европа чемпионатининг 8-кунида Голландия ва Франция терма жамоалари ўртасидаги ажойиб учрашув мухлисларга туҳфа бўлади.

Украина Бельгияни енгган Словакияга қарши

Биринчи турда шов-шувли тарзда Бельгияни доғда қолдирган Словакия билан ўйин Украина учун жуда катта аҳамиятга эга. Руминиядан учралган йирик ҳисобдаги мағлубиятдан кейин Сергей Ребров жамоаси вазиятни мана шу беллашувда ўнглашга уриниши шарт. Украинлар биринчи беллашувда тўп назоратидаги устунликни хавфли вазиятларга айлантира олишмади. Дуранг натижа ҳам Словакияни анча қулай ҳолатда қолдиради.

Тахминий таркиблар

Словакия: Дубравка, Пекарик, Вавро, Шкриньяр, Ханчко, Куцка, Лоботка, Дуда, Шранц, Боженик, Хараслин.

Украина: Трубин, Коноплия, Забарни, Матвиенко, Зинченко, Шарапенко, Бражко, Судаков, Циганков, Довбик, Мудрик.

Франческо Кальцонанинг ўйиндан олдинги фикрлари

– Бизнинг энг кучли тарафимиз камтарликда. Биз кичик мамлакатмиз, мухлисларимиз юзига хурсандчилик улашиш учун 110% кучимизни беришимиз даркор. Бельгия билан ўйиндан кейинги эйфория бир неча соатга чўзилди. Уч очко гуруҳдан чиқиш учун етарли бўлмайди. Нишонлашга ҳозирча бирор сабаб йўқ. Украина билан баҳсга тўлиқ диққатни жамлаганмиз.

Сергей Ребровнинг ўйиндан олдинги фикрлари

– Руминияга қарши тўпни назорат қилдик, аммо умуман вазият ярата олмадик. Ҳеч ким бундай натижани кутмаганди. Олдинда бизни жуда жиддий ўйин кутиб турибди. Ўзаро гаплашиб олган ҳолда Руминия билан учрашувга тайёр бўлишимиз лозим.

Енгилганлар баҳси: Польша – Австрия

Биринчи турда гуруҳ етакчиларига қарши яхши ўйнаган, аммо мағлубиятга учраган Польша ҳамда Австрия ўзаро майдонга тушади. Поляклар голландлар билан учрашувда ҳисобни очишди, аммо дурангни ҳам сақлаб қола олишмади. Австрия эса Франциянинг кучли тарафларини деярли ёпиб ташлади, фақат ҳимоядаги биргина хато қимматга тушди. Мазкур ўйиндаги ғалаба қайсидир жамоанинг плей-офф сари имкониятларини оширган ҳолда бошқа тарафнинг умидини деярли йўққа чиқаради.

Тахминий таркиблар

Польша: Шчесни, Бедранек, Давидовичз, Кивиор, Франковски, Модер, Романчук, Зелински, Залевски, Урбански, Левандовски.

Австрия: Пентц, Пош, Дансо, Вёбер, Мвене, Зейвалд, Лаймер, Виммет, Забитцер, Баумгартнер, Грегориц.

Михал Пробежнинг ўйиндан олдинги фикрлари

– Тушкунликка тушмаймиз. Мусобақа давомида кучлироқ бўла оламиз. Голландия билан баҳс икки хил таассурот қолдирди. Бир тарафдан тўпни яхши сақлаган ҳолда ўйинни ақлли бошладик. Лекин кейин ўз дарвозамиз олдида рақибга тўпни осонликча бериб қўйдик. Менга тажовузкор ўйнаганимиз, Голландиядан юқори босимда тўпни қайтариб олишга уринишларимиз ёқди. Очко олмадик, аммо бошимизни баланд тутамиз. Навбатдаги икки учрашувда ғалаба эришиш мақсадимиз.

Ральф Рангникнинг ўйиндан олдинги фикрлари

– Ўйиннинг маъноси аниқ. Бу худди плей-офф баҳси каби бўлади. Ҳар икки жамоа ғалаба орқали гуруҳдан чиқишга яхши имконият ҳосил қилади, дуранг эса унчалик фойдали эмас. Биз ўз ўйинимизга эътибор қаратамиз, қандай ўйнашимиз айнан шунга боғлиқ. Стадиондаги муҳит, майдон, об-ҳаво – барчаси бизни буюк футбол кутиб турганини кўрсатади.

Голландия ва Франция тўқнашуви

Бу жамоаларнинг охирги 8 беллашувидан 7тасида французлар ғалаба қозонган. Саралаш баҳсларида ҳам Франция 2 учрашувни ўз фойдасига ҳал қилган. Бу сафар Дидье Дешам етакчиси Килиан Мбаппени майдонга тушира олмаслиги мумкин. Дастлабки турдаги ютуқ ҳар икки жамоани ушбу ўйинда бемалол ҳаракат қилишга имконият қолдиради. Одатда ҳужумкор футбол кўрсатадиган бу термалар тўқнашуви мухлисларга яна ёдда қоларли лаҳзаларни тақдим этади.

Тахминий таркиблар

Голландия: Вербрюгген, Думфрис, Де Врей, Ван Дейк, Аке, Рейндерс, Шутен, Веерман, Симонс, Депай, Гакпо.

Франция: Меньян, Кунде, Салиба, Упамекано, Эрнандез, Гризманн, Канте, Рабьо, Дембеле, Жиру, Тюрам.

Рональд Куманнинг ўйиндан олдинги фикрлари

– Польшага қарши биз бемалол йирик ҳисобда ютсак бўларди. Жуда яхши ўйнадик, аммо вазиятлардан фойдалана олмадик. Имкониятлардан фойдалансак Германия даражасида турардик. Францияга қарши беллашувда энг яхши ўйинимизни намойиш қилишимиз талаб этилади. Бу жамоавий даражани ўстириш учун ҳам яхши чорлов бўлади.

Дидье Дешамнинг ўйиндан олдинги фикрлари

– Бизда юқори даража ва иқтидор бор, аммо шундай нарсаларга эга бошқа жамоалар ҳам мавжуд. Юқори савияда биргаликда кўп меҳнат қилиш шарт. Биринчи ўйинда буни амалга ошира олдик. Энди Голландияга қарши беллашувда буни кузатамиз. Барча жиҳатларда бирдам ва кучли бўлишимиз лозим. Бундай даражадаги учрашувларда бу катта аҳамият касб этади.

Ўйинларни қандай томоша қилиш мумкин?

setantasports.com обуначилари Ўзбекистонда 51 беллашувнинг барчасини жонли эфирда бепул томоша қилиш имкониятига эга бўлишади. Ўйинларни фақат Setanta Sports ОТТ платформаси ва иловасида томоша қилиш мумкин.

Бугунги учрашувлар

Словакия – Украина, 18:00

Польша – Австрия, 21:00

Голландия – Франция, 00:00